МЕЪМОРЧИЛИК МАДАНИЯТИ
(мадрасалар, мақбаралар, масжидлар, мажмуалар, йирик савдо расталари, хонақоҳлар, қалъалар ва бошқа иншоотлар)
Меъморчилик – қадимдан юртимизда аждодларимиз томонидан яратиб келинган моддий маданиятнинг энг муҳим ижодий маҳсулларидандир.
Меъморчилик ўтмишда ҳам ва ҳозирда ҳам халқ амалий ижодиётида турли бино ва иншоотларнинг қурилиши санъатини ифодаловчи, катта маҳорат ҳамда меҳнат талаб қилувчи ижод тури бўлиб, халқнинг бу соҳадаги ўзига хос тарихини, маданиятини, ижтимоий-сиёсий қудратини, диний ва дунёвий қарашларини, маиший ҳаётини маълум шаклларда мужассам этади.
морчилик асарлари қаторига турли-туман катта-кичик бинолар, уй-жойлар, меъморий мажмуалар, майдонлар, турли монументал қурилишлар, усти очиқ ва ёпиқ турли соҳа, йўналиш, касбларга мўлжалланган иншоотлар киради.
Айни вақтда меъморчилик ижоди ва меҳнати ўзида турли хил санъат намуналарини ҳам мужассам этади. Қадимги дунё тарихида машҳур бўлган «Етти мўжиза»нинг барчаси ҳам инсон даҳоси билан яратилган меъморий санъат асарлари бўлгани бежиз эмас.
Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон меъморчилиги ҳам жуда қадимийлиги, турли-туман меъморий ёдгорликлари, юксак нафосат мужассами бўлган маҳобатли осори-атиқалари билан доимо барчани диққат-эътиборини тортиб келган.
Юртимизда ўтган бир неча юз йилликлар давомида, жумладан, XVI аср бошларидан бошланган ўзбек хонликлари ҳукмронлиги даврларида ҳам меъморчилик маданияти ривожида ўзига хос юксалиш жараёнлари рўй бериб борди.
Тўғри, ушбу асрларда ҳар уччала хонликлар ўртасида тез-тез бўлиб турадиган урушлар, зиддиятлар, шунингдек, ҳар бир хонликнинг ўзидаги турли мақсаддаги ички курашлар маданиятнинг барча соҳалари қатори меъморчилик соҳаси ривожига ҳам салбий таъсир этмай қолмаган. Лекин, шунга қарамай, халқ меъморчилигида Ўрта Осиё меъморчилигининг ажойиб анъаналари тўхтаб қолмади. Бу улкан ҳудудда яшовчи ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқ халқларининг яшаш ва турмуш тарзи бу меъморчиликнинг ўзига хос миллий томонларини белгилашда ва давом эттиришда муҳим рол ўйнади.
Ўзбекистон меъморчилигининг асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъана ва қонун-қоидалари хонликлар ҳукмронлиги даврида ҳам ўзига хос йўналишда давом этди, юзлаб турли меъморчилик маданияти асарлари бунёд этилди. Биз қуйида ушбу меъморчилик ривожи ҳақида жамланган маълумотларни беришни ҳам жоиз деб ҳисобладик.
Абдуллахон банди. XVI асрнинг 80-йилларида Бухоро хукмдори Абдуллахон II қурдирган қадимги йирик сув омбори. Бу иншоот қолдиқлари Нурота тумани марказидан 65 км. шарқдаги эски Оқчоб қишлоғи яқинидаги Бекларсой дарасида ҳозиргача сақланиб қолган.
Абдуллахон мадрасаси (XVI аср). Бухородаги Қўш мадраса ансамблининг шимолий қисмида жойлашган меъморий ёдгорлик. Меъмори номаълум. Ўша давр меъморчилигининг етук намунаси бўлган бу мадраса Бухоро меъморчилигининг XVI асрда эришган барча ижодий ютуқларини намойиш этади.
Баланд масжид (XVI аср). Масжид Бухорода харсанг тошли шоҳсупа устига қурилган. Ўйма ва бўяма нақшлар ҳамда кошин ва парчин қоплаб безатилган.
Банди кушод масжиди (XVI аср). Масжид Қашқадарёда пахсадан қурилган, хонақоҳи икки устунли, безаксиз. Сомон сувоқ қилинган. Ҳозиргача сақланган.
Бароқхон мадрасаси (XVI аср охири-XVII аср бошлари). Тошкентдаги Ҳазрати имом мажмуасидаги бино. Тошкент ҳокими Наврўз Аҳмад (Бароқхон) томонидан қурдирилган.
Биби Бувайда мақбараси (XV-XVI асрлар). Фарғона вилояти, Бувайда туманида қурдирилган меъморий ёдгорлик бўлиб, зиёратхона ва икки гўрхонадан иборат. Мақбара безаксиз бўлиб, ичкари қисми ганч билан сувалган.
Говкушон мажмуаси (XVI аср). Бухородаги меъморий ёдгорлик. Жўйбор хожалари қурдирган мадраса, масжид, минора, ҳовуз ва саройдан иборат мажмуа. Говкушон – қассоблар бозори маъносида.
Искандар кўприк (1557-1598). Сурхондарё вилоятининг қадимий савдо йўлида Бандихонсой устида қурилган. Умумий узунлиги 70 метрдан ортиқ. Баландлиги сой тубидан 12 метрдан ортиқ.
Касби Намозгоҳи (XVI аср). Қашқадарёда. Ўзаро бир-бири билан боғланган равоқли бешта хоналар гумбазли бўлиб, марказий хона катта, беш қиррали меҳроби эса ташқарига туртиб чиққан.
Кокилдор хонақоҳи (XVI аср). Термизда. Баланд ва чуқур равоқли пештоқ марказий хонага киришда қурилган. Марказий хона ён томонларида бир неча бир хил хоналар. Хона саҳнида бир неча қабрлар сақланиб қолган.
Кўкгумбаз масжиди (XVI аср 90-йиллари). Қаршида. Намозгоҳ услубида қурилган гумбазли бино. Хонақоҳ қўшгумбаз билан ёпилган. Безагида яшил, феруза, оқ рангли кошин ва сирланган ғишт қўлланилган.
Кўкалдош мадрасаси (XVI аср II ярми). Бухорода. Абдуллахон II нинг яқин амалдорларидан бири Қулбобо Кўкалдош ташаббуси билан бунёд этилган. 160 та ҳужра ва дарсхона ҳамда масжиддан иборат. Очиқ айвончали болохоналари ҳам бор.
Кўкалдош мадрасаси (1551-1575). Тошкентда. Тошкент ҳокими Кўкалдош қурдирган. Пештоқлар парчин ва гириҳ билан нақшланган. Дарсхона ва масжид мавжуд. Бинодан XVIII асрда карвонсарой сифатида ҳам фойдаланилган.
Лангар ота мажмуаси (XV-XVI асрлар). Қашқадарёда. Масжид ва мақбарадан иборат. Хонақоҳлар гириҳ ва нақшлар билан безатилган. Мақбара пештоқ ва гумбазли.
Масжиди Калон (XV-XVI асрлар). Бухорода. Эски масжид қолдиқлари (XI-XII асрлар) ўрнида қурилган. 288 гумбазли ғиштин устунларга таянган. Масжиднинг етти эшиги бор. Асосий бино баланд қилиб қурилган.
Модарихон мадрасаси (XVI аср II ярми). Абдуллахон мадрасаси билан қарама-қарши қилиб қўш мадраса тарзида қурилган. Ҳовли атрофида айвон, ҳужралар ва бурчакларида дарсхоналар жойлаштирилган.
Абдуллахон тими – 1577 йилда Абдуллахон II томонидан қурдирилган. Бухородаги энг катта усти берк савдо растаси. Ўтмишда бу ерда шойи, жун, газлама билан савдо-сотиқ қилинган. Савдо растаси мураккаб, айни вақтда хушбичим қурилган. Бир неча бор таъмирланган, савдо дўконлари жойлашган.
Абдулазизхон мақбараси – Бухородаги йирик меъморлик ёдгорликларидан бири бўлиб, 1652 йилда машҳур меъмор Мимҳоқон ибн Хўжа Муҳаммад Амин томонидан қурдирилган. Улуғбек мадрасасининг қаршисида жойлашган. Мадраса безаклари юксак санъат ва маҳорат билан ишланган. Мадраса XVII аср Бухоро маҳобатли меъморчилигининг етук намунасидир.
Араб Муҳаммадхон мадрасаси (1616 – 1838). Хивада. Араб Муҳаммадхон мадрасани бир қаватли, оддий синчли қилиб қурдирган. Оллоқулихон даврида мадраса биноси қайта ва яна бир қанча қўшимчалар билан қурилган ва такомиллаштирилган.
Ҳива хони Анушахон (Асл исми Абулмузаффар Муҳаммад, Абулғозий Баҳодирхоннинг ўғли) ҳукмронлиги даврида (XVII аср) меъморий бинолардан Кот ва Шоҳобод қалъалари қурилган. Қорақалпоғистондаги Султон Вайс бобо ва Хивадаги Паҳлавон Маҳмуд мақбаралари, Оқ масжид таъмирланган. «Шажараи Турк» асари охирига етказилган.
Анушахон ҳаммоми – 1657 йилда Хивада бунёд этилган меъморий ёдгорлик. Ичан қалъадаги Оқ масжид ёнида Абулғозий Баҳодирхон томонидан ўғли Анушахоннинг Карманадаги ғалабаси шарафига қурилган. Ички томони сувалган бўлиб, ҳеч қандай безак йўқ. 1984 йилда таъмирланиб, ишга туширилган.
Бўстон Бува Мақбараси (XVI аср охири – XVII аср бошлари). Фарғонада. Афсонавий саркарда Шоҳ Жалилнинг акаси Бўстон бува дафн этилган деб тахмин этилади. Безаксиз, бироқ меъморий таъсирчанлиги юқори. Безаксиз.
Девонбеги мадрасаси (1622-1623). Бухорода. Нодир девонбеги мадрасаси. Бухоро ҳукмдори Имомқулихоннинг вазири бўлган. Мадраса дастлаб карвонсарой сифатида қурилган. Сўнг эса мадрасага мўлжаллаб битказилган.
Девонбеги хонақоҳи (1619-1620). Бухорода. Нодир девонбеги хонақоҳи пештоқи кошин ва парчин билан безатилган. Айвон, хонақоҳ ва икки қаватли ҳужралардан иборат.
Ёдгор Валлома мақбараси (XV – XVII асрлар). Қашқадарёда. Мадраса маҳаллий бек номи билан аталган. Масжид гумбаз билан қопланган. Дарсхона ва китобхоналар ҳам бўлиб, барчаси безакли.
Иброҳим ота мақбараси (XVII аср). Тошкентда. Мақбара бир хонали, пештоқи гумбазли. Тагига ғишт ётқизилган ва безаксиз. Унинг ғарбида ер сатҳидан 1,5 метр чуқурликда чиллахона бор.
Лабиҳовуз ансамбли (XVII аср). Бухорода. Дастлаб бозор майдони бўлган. Ўртада катта ҳовуз қазилиб, атрофига харсанг тошлардан зинапоялар ишланган. Мармардан тарновлар қилинган. Ғарб томонида Девонбеги хонақоҳи, шарқида Девонбеги мадрасаси, шимолида Кўкалдош ва Эрназар элчи мадрасалари қад кўтарган.
Маҳдуми Аъзам мажмуаси (XVI-XIX асрлар). Самарқандда. 1542 йилда вафот этган «буюк ҳоким» Маҳдуми Аъзам қабри атрофида барпо этилган. Мажмуа масжид, дарвозахона, чиллахона, ҳужралар, Маҳдуми Аъзам ҳазираси, ғиштин минора, ҳовуздан ташкил топган.
Музробшоҳ Хоразмий мақбараси (XVI-XVIII асрлар). Хоразм вилоятида. Мақбара ривоятга кўра VIII асрда яшаган Хоразм ҳокими ва дин арбоби Музробшоҳга атаб қурилган. Бино бир хонали, пештоқли, безаксиз.
Абдуллахон II ҳукмронлиги даврида Бухоронинг Жўйбор мавзесида Абу Бакр Саъд мозори атрофига мадраса, масжид, хонақоҳ ва чорбоғ қуриган. Чор Бакр номи билан машҳур бўлган бу мажмуа юртимиздаги нодир иншоотлардан биридир. Шунингдек, Абдуллахон II даврида Бухорода мадраса, ҳаммом, Говкушон, Фатхулла қушбеги, Миракан, Хожа Муҳаммад Порсо, Янги Чорсу, Тим ва Зарафшон дарёси устига кўприклар ҳам қурилган. Бундай иншоотлар ва карвонсаройлар Самарқанд, Тошкент, Балх ва бошқа шаҳарларда ҳам қурдирилган.
Болоҳовуз масжиди (XVII-XX асрлар). Бухорода. Катта гумбазли хонақоҳ, масжид (1712), ҳужралар (XIX аср) айвон, минора (1911-1917) ва ҳовуздан иборат.
Исмамуд ота мажмуаси (XVII – XX асрлар). Туркманистонда, Қўҳна Урганч ҳудудида. Авлиё Исо Муҳаммад ва шаҳар ҳокими Султон Муҳаммад (Исмамуд) номи билан аталган. Мақбара уч хона – гўрхона, қорихона ва тиловатхонадан иборат. Мақбара шарқида 15 гумбазли долон (усти берк кўча) – «Тош кўча» қурилган. Сағаналар бор. Масжид кўп хонали бўлиб, унда айвон, ошхона, шайх уйи ва хонақоҳ кабилар мавжуд.
Косонсой жоме масжиди (XVIII аср). Наманганда. Атрофи деворли майдонга қурилган. Масжид эшиги нақшинкор. Бино безагида оқ ва новвот ранглардан унумли фойдаланилган.
Кўҳна Арк (1686-1688 йиллар ва XIX аср). Хивада. Анушахоннинг ўғли Арангхон кўҳна Аркнинг деворларини 1686-1688 йилларда қурдира бошлаган. Қурилиш XIX асрда ҳам давом этган. Аркда тўрт ховли, зарбхона, масжид, ҳарам, Оқ Шайх бобо кўшки, мулозимлар хоналари, омборхона ва отхоналар бўлган.
Миён ҳазрат мадрасаси (XVIII аср). Қўқонда. Мадраса кўп ҳовлили. Кўп устунли масжид ҳам бор. Ҳовлилар атрофи ҳужралардан иборат. Безаклари оддий.
Мавлонбува мақбараси (1806). Наманган. Шоир Мавлонбува мадрасаси жануброғида пештоқ-гумбазли зиёратхона қад кўтарган. Зиёратхона ичи ганч сувоқли, мойбўёқ билан гул солинган.
Модарихон мақбараси (1825). Қўқонда. Модарихон (хон онаси) ҳазирасига хон авлодларига мансуб аёллар қўйилган. Ҳозир мақбаранинг гумбазли хонаси, икки минораси сақланиб қолган.
Мозори Шариф мадрасаси (1882). Хивада. Муҳаммад Раҳимхон II Феруз буйруғи билан уста Қаландар Кўчим қурган. Мадраса бир қаватли. Кошинлар билан безатилган. Ҳовли атрофида ҳужралар жойлашган.
Каптарли мажмуаси (XIX аср). Марғилонда. Масжид, минора, мақбара ва унинг ҳовлисида гумбазли дарвозахона ҳамда тўрт бўлакли каптархонадан иборат бўлган бино ва иншоотлардан иборат.
Иморатбобо мажмуаси (XVIII – XIX асрлар). Хоразм вилоятидаги Саид Шапоат Азиз мақбараси. Мирмуҳаммад Азиз мақбараси ва яна бир номсиз мақбара ҳамда қабристон шимолидаги масжиддан иборат. Мақбаралар икки хонали, гўрхона ва зиёратхонадан ташкил топган.
Ичан қалъа (Ичкари қалъа, асоси милоддан аввалги V аср, ташқариси XVIII-XIX асрлар). Хиванинг ичкари қисми. 26 гектарга яқин майдон девор билан ўралган ва 4 та дарвозаси (Боғча, Тош, Полвон ота, Дашт) бор. Қалъада асрлар мобайнида қурилган ансамбллар бўлиб, саройлар, маъмурий бинолар, турар жойлар, мадрасалардан иборат.
Калта минор – Кўк минор (1852). Хивада. Энг катта ва баланд қилиб қуришга мўлжалланган (тахминан 70-80 м.) иншоот. Афсуски, хоннинг вафоти билан чала қолган. Ҳозирги ҳолатида баландлиги 26 метр, асосининг диаметри 14,2 метр. Оқ, яшил, феруза рангли кошинлар билан безатилган.
Камол қози мадрасаси (XIX аср). Қўқонда. Дарсхона, айвонли масжид ва ҳужралардан иборат. Безакли, ҳашаматли қурилма. Дарсхонанинг томи гумбазли.
Гул масжид (1875). Қашақадарёда. Гулдор безаклар билан безатилган. Чортоқ тархли, бир устунли хонақоҳдан ва уч айвондан иборат масжид. Безаклар ганч ўймакорлигида бажарилган.
Даҳмаи шоҳон. (XIX аср). Қўқонда шоҳлар даҳмаси (ҳазира). Норбўтабий ва унинг авлодлари дафн этилган даҳма-сағаналар бор. Масжид айвони чиройли, нақшинкор безатилган.
Девона Бува мақбараси (XIX аср). Наманганда. Зиёратгоҳ – ҳазира. Гўрхона ва айвондан иборат. Олди пештоқли, томи гумбазли, тўрт томонида эшик ўрни бор. Нақш ва ўймакорликдан яхши фойдаланилган.
Зудмурод Масжиди (XIX аср). Самарқанддаги меъморий ёдгорлик. Хўжа Зудмурод қабристонида жойлашган. 3 томони айвонли хонақоҳ ва минорадан иборат. Масжид қурилишида усталардан нажжорлар Мухтор ва Абдурауф, наққошлар Маҳмуд, Наим, Шариф, гилкорлар Саъдулла ва Камоллар қатнашган.
Абулқосим мадрасаси (XIX аср). Тошкентдаги меъморий ёдгорлик. Мадраса, масжид ва хонақоҳдан иборат. Шайх Абулқосим томонидан бунёд этилган. Эски биноси – хонақоҳ Мўйи Муборак 1820 йилда қурилган, мадраса эса 1850 йилда барпо этилган. 1983 йилдан буён Ўзбекистон тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш жамиятининг Тошкент бўлими ҳамда халқ ҳунармандчилиги устахоналари жойлашган.
Абдуллахон мадрасаси XIX аср ўрталарида Хиванинг Ичан қалъасидаги Оллоқулихон ва Қутлуғ Мурод иноқ мадрасалари оралиғида қурилган меъморий ёдгорлик. Абдуллахон хотирасига онаси томонидан қурдирилган.
Амир Тўра мадрасаси (1870). Хивадаги Ичан қалъа таркибида. Муҳаммад Раҳимхон II нинг акаси Амир Тўра қурдирган. Масжид, дарсхона, ҳужралардан иборат.
Адолбобо мақбараси – XVIII-XIX асрларда Хивада бунёд этилган меъморий ёдгорлик бўлиб, Ичан қалъанинг шарқий дарвозаси ташқарисида жойлашган. Мақбара атрофида минора, масжид, ҳовуздан иборат мажмуа барпо қилинган. Ўша даврнинг ўзига хос санъати билан қурилган ушбу мақбара ҳозир ҳам мавжуд.
Абдулазизхўжа мадрасаси – 1909 йил Қаршида бунёд этилган меъморий ёдгорлик бўлиб, у маҳаллий меъморий анъаналарнинг соддалаштирилган шаклида ғишт ва ганчдан қурилган. Масжид дарсхоналар, ҳужралардан иборат. Мадраса деярли безаксиз. Ҳозир унда Қашқадарё вилояти тарих – ўлкашунослик музейи жойлашган.
Абдурасулбой мадрасаси – 1606 йил Хивада барпо этилган меъморий ёдгорлик. Икки ҳовлили бу мадраса масжид ва кўплаб ҳужралардан иборат. Пештоқ ва данданаларига кошиндан безаклар ишланган.
Аҳмадбек ҳожи меҳмонхонаси (1905-1907). Андижонлик пахта заводи эгаси Аҳмадбек ҳожи қурдирган. Асосан безакли олди айвонли хоналардан иборат. Идора вазифасини ўтайдиган қисми европача услубда пардозланган.
Дишан қалъа (ташқари қалъа) – Хиванинг рабод қисми. 1842 йилда Хива хони Оллоқулихон Хивани ташқи ҳужумдан сақлаш мақсадида девор билан ўраган. Унинг узунлиги 6250 метр, баландлиги эса 7-8 метр, девор қалинлиги 5-6 метр бўлган Дишан қалъа 10 та дарвозали бўлган. Ўтмишда Дишан қалъада шаҳарнинг Тим ва расталари жойлашган. Ҳозирда эса маъмурий-маиший бинолар ва ҳиёбонлар барпо этилган.
Бекмир мадрасаси (1903). Қаршида. Икки қаватли қурилган, дарсхона, масжид, юқорисида ҳужралар жойлашган.
Боғбонли масжид (1809). Хивада. Дарвозахонаси гумбазли, икки ёнида ҳужралар жойлашган. Олди айвонли гумбазли масжид юқорида жойлашган. Ўйма нақшлар эшик, айвон шипи ва устунларга ишланган.
Жаҳонобод масжиди (1912). Андижонда. Маҳаллий Мадалибой буюртмаси билан Исабой ҳожи бошчилигида қурилган. Масжид хонақоҳ ва айвондан иборат. Манзарали нақш гуллар билан безатилган. Бугунги кунда таъмирланган.
Исломхўжа мадрасаси (1908-1910). Хивада. Исфандиёрхоннинг вазири ва қайнотаси Исломхўжа қурдирган. Тор ҳовли атрофига бир қаватли 42 та ҳужра қурилган.
Исфандиёр қабулхонаси (1912) Хивада. Олди боғ, чортоқ тархли бино. Ганч ўймакорлиги билан безатилган. Деворларига кўзгулар ишлатилган. Европа меъморчилигининг таъсири бор.
Исҳоқ Шайх масжиди (1912-1914). Наманганда. Исҳоқ Шайх раҳбарлигида қурилган. 5 устунли, 19 устунли айвон ҳамда бири гумбаз томли, иккинчиси текис томли кичик хоналардан иборат. Турли нақшлар билан безатилган.
Муин халфа бобо мақбараси (XIX аср). Тошкентда. Муин халфа ўзи учун қурдирган деб тахмин қилинади. Мақбара гумбазли, бир хонали, пишиқ ғиштдан қурилган. Хонадаги икки сағанага Муин халфа бобо ва унинг ўғли дафн этилган.
Дўсти худо масжиди (XX аср бошлари). Фарғонада. Эшон Алихон буюртмаси билан уста Ёқуб раҳбарлигида қурилган. Хонақоҳ ва икки ёни айвондан иборат. Нақшлар билан безатилган.
Яна шуни алоҳида фахр билан таъкидлаш мумкинки, хонликлар даврида аждодларимиз томонидан бунёд этилган моддий маданиятимизга доир тарихий-меъморий ёдгорликлар ҳақида яна талайгина маълумотларимиз бор. Юқорида эса уларнинг айримлари ҳақида қисқача бўлса ҳам таъриф бериб ўтдик. Китоб ҳажмининг бирозгина бўлсада чекланганлигини инобатга олиб, ушбу бобга тегишли бўлган амалий ишлар ҳақидаги навбатдаги маълумотларни фақатгина номлари, бунёд этилган йиллари, жойларинигина қуйидаги рўйхат орқали кўрсатиб ўтишни жоиз деб билдик. Улар қуйидагилардир:
Мавлоно Лутфулло мажмуаси (XX аср боши). Наманган.
Матниёз Девонбеги мадрасаси (1872). Хива.
Матпанобой мадрасаси (1905). Хива.
Муҳаммад Аминхон мадрасаси (1851-1855). Хива.
Муҳаммад Муҳаррам мажмуаси (1903). Хива.
Нисбатдор масжиди (1901). Самарқанд.
Нодир Девонбеги мадрасаси (1630-1631). Самарқанд.
Норбўтабий мадрасаси (XVIII аср). Қўқон.
Нуруллабой саройи (1865-1912). Хива.
Оллоқулихон мадрасаси (1834-1835). Хива.
Оллоқулихон карвонсаройи ва тими (1832-1833) Хива.
Ота Валихон тўра масжиди (XX аср боши). Наманган.
Ота дарвоза (1828-1829) Хива.
Отамурод Матриза қушбеги масжиди (1800). Хива.
Отажон бой мадрасаси (1884). Хива.
Отақўзи мадрасаси (XX аср боши). Андижон.
Оқ масжид (XVIII-XIX асрлар). Хива.
Пансод масжиди (XX аср боши). Шаҳрихон.
Пахлавон Маҳмуд мақбараси (1701). Хива.
Пандран масжиди (XV-XVI асрлар). Қашқадарё.
Полвон дарвоза (1806). Хива.
Саид Аҳмадхўжа мадрасаси (XIX аср охири). Марғилон.
Саид Маҳрумжон мажмуаси (1884). Хива.
Саид ота масжиди (XVIII аср). Хива.
Саид ота масжиди (1766). Хоразм вилояти.
Саид оталиқ мадрасаси (XVI аср). Сурхондарё вилояти.
Саид Шоликорбой мажмуаси (1842). Хива.
Самарқанд намозгоҳи (1630). Самарқанд.
Саррофлар ҳаммоми (XVI аср). Бухоро.
Сирли масжид (XIX аср боши). Наманган.
Ситораи Моҳи хоса (1825-1920). Бухоро.
Сўфи Оллоёр масжиди (1713). Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани.
Толиб маҳсум мадрасаси (1910). Хива.
Тошдарвоза (XVIII-XIX асрлар). Хива.
Тоқи заргарон (XVI аср). Бухоро.
Тоқи саррофон (XVI аср). Бухоро.
Тоқи телпакфурушон (XVI). Бухоро.
Тўрамурод минораси (1888). Хива.
Тўрт Шаббоз мажмуаси (1874-1885). Хива.
Усмон Саид бобо мақбараси (XVI – XIX асрлар). Хоразм вилояти.
Уч авлиё мақбараси (1549, 1821). Хива.
Файзобод хонақоҳи (1598-1599). Бухоро.
Хайробод эшон мақбараси (XVIII аср). Тошкент.
Халифа Ҳудойдод мажмуаси (1777). Бухоро.
Халфа Тилло мажмуаси (XX аср боши). Қўқон.
Харисбобо мақбараси (XVIII – XIX асрлар). Хоразм вилояти.
Хива жума масжиди (1788). Хива.
Худоёрхон саройи (XIX аср II ярми). Қўқон.
Хуржун мадраса (1688). Хива.
Хўжа Аъламбардор мадрасаси (XIX аср). Тошкент.
Хўжа Амин қабри (XVIII аср). Наманган.
Хўжа Бахриддин мақбараси (XIX аср ). Тошкент.
Хўжа Дониёр мақбараси (XX аср боши). Самарқанд.
Хўжа Зайниддин Хонақоҳи (XVI аср I ярми). Бухоро.
Хўжа Имконагий хонақоҳ (XVI – XVII асрлар). Қашқадарё вилояти.
Хўжа Мағиз мақбараси (XVIII аср I ярми). Марғилон.
Хўжа Муҳаррам мадрасаси (1839). Хива.
Чадоқ масжиди (XVIII аср). Наманган.
Чақар масжиди (1911). Марғилон.
Чил авлиё минораси (XIX аср). Хива.
Чор минор (1807). Бухоро.
Чор бакр ансамбли (XVI – XIX асрлар). Бухоро.
Чўпон ота масжид мақбараси (XVIII – XX асрлар). Тошкент.
Шайх Қаландарбобо мақбараси (XVI аср). Хива.
Шайх Ҳусайнбобо мақбараси (XVI – XVIII асрлар). Хива.
Шайхонтоҳур мажмуаси (XV – XIX асрлар). Тошкент.
Шарифбой мадрасаси (XVIII аср). Қарши.
Шердор мадрасаси (1619-1636). Самарқанд.
Шермуҳаммад мадрасаси (XVII – XVIII асрлар). Қарши.
Шерғозихон мадрасаси (1719-1726). Хива.
Шоводхўжа бобо мақбараси (XVII – XVIII асрлар). Хоразм вилояти.
Шоҳи Зинда ансамбли (XI – XX асрлар). Самрақанд.
Шохи Мардон мажмуаси (XIX аср). Хоразм вилояти.
Юнусхон мақбараси (1559). Фарғона вилояти.
Юсуфхон эшон мақбараси (XVIII аср). Фарғона вилояти.
Юсуф Ясовулбоши мадрасаси (1906). Хива.
Ўғлонжон ота мақбараси (XVIII – XIX асрлар). Қамаши.
Қаландархона масжиди (1909-1910). Каттақўрғон.
Қамаши сардобаси (1892). Қашқадарё вилояти.
Қарши намозогоҳи, кўк гумбаз (1590-1591). Қарши.
Каффол Шоший мақбараси (XVI аср). Тошкент.
Қози калон мадрасаси (1905). Хива.
Қорихона (1863-1877). Хива.
Қорихона хонақоҳи (XVII – XVIII асрлар). Фарғона вилояти.
Қосим шайх хонақоҳи (XVI – XX асрлар). Навоий.
Қутлуғмурод Иноқ мадрасаси (1804-1812). Хива.
Қўшдарвоза (XX аср боши). Хива.
Қўқон жоме масжиди (1809-1822). Қўқон.
Ғиштли масжид (XX аср боши). Қўқон.
Ғойибназар мадрасаси (XIX аср). Наманган.
Ҳазрати Имом мажмуаси (XVI – XX асрлар). Тошкент.
Ҳазрати Хизр масжиди (XIX аср). Самарқанд.
Ҳасанмурод Қушбеги масжиди (XVIII – XIX асрлар). Хива.
Ҳофиз Кўхакий мадрасаси (XVI аср). Тошкент.